Қирғизистон: Ўшда қирғиз мухолифатининг йирик намойиши бўлиб ўтди
Бу 2010 йилда Бакиев президентликдан ағдарилганидан буён энг йирик намойишдир
Ўш шаҳар кенгашига сайловлар арафасида ўтган мухолифат намойишида, қирғиз милициясига кўра, камида 10 минг киши иштирок этган.
Бу Президент Атамбаев ҳокимиятга келганидан буён қирғиз мухолифатининг энг йирик норозилик чиқишидир.
Намойишда сўзга чиққанлардан баъзилари ўтган йил декабрида сайланган Атамбаевнинг истеъфосини талаб қилишган.
Президентлик сайловларида енгилган икки миллатчи номзод-Адахан Мадумаров ҳамда Қамчибек Ташиев ташаббускорлари бўлган намойиш Ўш шаҳрининг зиддиятли ҳокими Мелис Мирзақматов томонидан дастаклангани айтилади.
Намойишда нутқ сўзлаган Мадумаров ва Ташиев Мелис Мирзақматовнинг шаҳар ҳокими лавозимда қолишини исташларини айтишган.
Бирлашган мухолифат
Ўтган йил декабридаги президентлик сайловларида миллатчи номзодлар қўлга киритган овозлар иккига бўлинган ва натижада Мадумаров иккинчи, Ташиев эса учинчи ўринларни эгаллашганди.
Ташиевнинг "Ата Журт" партияси Президент Атамбаевнинг партияси билан коалицион ҳукумат тузишдан бош тортган, Мадумаровнинг "Бутун Қирғизистон" партияси эса парламентга кира олмаган.
Пайшанба кунги намойишда Мадумаров ва Ташиев жанубдаги сайловчиларни бирлаштириш мақсадида бирлашганликларини эълон қилишган.
Адахан Мадумаров Президент Атамбаев ҳокимиятга келганидан буён мамлакатда "ижтимоий-иқтисодий вазият ёмонлашгани"ни айтган.
15 минг киши қатнашганини даъво қилган намойиш ташкилотчилари Қирғизистон ҳукуматига истеъфога кетиш учун 15 мартга қадар муҳлат беришган.
Улар ҳукумат истеъфо бермагани тақдирда норозилик амаллари бошланиши ҳақида огоҳлантирганлар.
4 март куни ўтадиган маҳаллий сайловларда Президент Атамбаевнинг Социал-демократик партияси ҳам шаҳар кенгашидаги ўринлар учун кураш олиб боради.
Ўшнинг қудратли ҳокими Мирзақматов иқтидордаги партияни маъмурий заҳиралардан фойдаланмаслик ҳақида огоҳлантирган.
2010 йил июнидаги зўравонликлар чоғида камида 500 киши ҳалок бўлган.
Қурбонлар ва хавфсизлик кучларининг зўравонликлардан кейинги амалиётларида жабр чекканларнинг аксарияти ўзбеклар экани айтилади.
Туркистон: Қирғизистонда баҳор келиши билан яна сиёсий келишмовчиликлар бошланди. Лекин Ошдаги намоишлар шуни кўрсатиб турибдики, хар иккала томон ҳам яъни хокимият ва мухолифот ҳам, халқаро сиёсатда Россия билан хамкорлик ёки уни қўлловидан умидда эканларини яшираётганлари йўқ.
Бу холат шуни англатадики: Халқаро сиёсатда Қирғизистонга нисбатан эътибор ўта заиф. Яъни асосий эътибор қаратилган Россия ёки АҚШ томонидан бу бузуқ сиёсий тўдаларга хеч қандай қизиқиш кўрсатилмади.
Энди булар, ўзларини Россияга ишончли стротегик хамкор қилиб кўрсатишга уринмоқдалар. Агар вазийятга АҚШ аралашмаса, Россия Қирғизистонни ички ишларига аралашишдан ўзини олиб қочиши мумкин. Чунки бу давлатда, вазийятни яхши томонга ўнглаб юбориши мумкин бўлган қувватни ўзи кўринмайди.