'Президент Каримов либераллаштириш ва демократлаштиришни хоҳлайди'
АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Тошкентга ишчи ташрифи мобайнида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини яхшилашга чақирган, Афғонистондаги АҚШ қўшинлари дастаги учун Президент Ислом Каримовга миннатдорлик изҳор этган.
Америкалик юқори лавозимли расмийлардан бирининг журналистларга айтишича, 22 октябр тундаги учрашув чоғида Президент Ислом Каримов либераллаштириш ва демократлаштиришда илгари силжишни хоҳлашини айтган.
АҚШ Давлат котибига ҳамроҳлик қилаётган Би-би-си мухбири Ким Ғаттаснинг хабар беришича, Ўзбекистон раҳбари ўзининг замонавийлаштирилган меросини фарзандлари ва набираларига қолдиришдан манфаатдорлигини айтган.